Спорт вазирлигининг ҳайъат йиғилиши ўтказилди
Бугун Спорт вазирлигининг навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Вазир Адҳам Икрамов раислигида ўтган тадбирда мамлакатимиз спорт тизимидаги барча ташкилотларнинг раҳбар ва мутасаддилари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, масъуллар оммавий спортни янада ривожлантириш, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” дастурининг сўнгги босқичи — “Президент Олимпиадаси” баҳсларига тайёргарлик, шунингдек, спорт таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Видеоселекторда терма жамоаларимизнинг Озарбайжонда бўлиб ўтган МДҲ ўйинлари ва Баҳрайнда ўтказилган ёшлар Осиё ўйинларидаги натижаларининг таҳлили, шунингдек, айни кунларда Саудия Арабистонида ташкил қилинаётган Ислом бирдамлиги ўйинларидаги иштироки юзасидан ахборот берилди.
Якунда Адҳам Икрамов барча йўналишларда иш самарадорлигини ошириш, жойларда спорт инфратузилмасидан оқилона фойдаланиш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш бўйича аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берди.









