Кун дайжести: Қатарда жаҳон чемпионати бошланмоқда, бугун Баҳрайн-2025 қаҳрамонлари тақдирланишади, Янник Синнер – Париж Мастерс турнири ғолиби
Қатарда футбол бўйича U17 Жаҳон чемпионати бошланмоқда
Бугун Қатарда футбол бўйича U17 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатига старт берилади. 27 ноябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпиони сифатида иштирок этади. Маълумот учун, ҳамюртларимиз мусобақада «J» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, плей-офф босқичига чиқиш учун Парагвай (5 ноябрь), Ирландия (8 ноябрь) ва Панама (11 ноябрь) билан баҳс олиб боришади.
Баҳрайн-2025 Осиё ёшлар ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланишади
Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Баҳрайн-2025 III Осиё ёшлар ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари ҳамда уларнинг мураббийларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 22-31 октябрь кунлари ўтказилган мусобақада Ўзбекистон делегацияси 37 та олтин, 16 та кумуш ва 28 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида Хитойдан кейин иккинчи ўринни эгаллаган эди.
Янник Синнер йилнинг сўнгги Мастерс турнирида ғалаба қозонди
Парижда теннис бўйича жорий йил тақвимидан ўрин олган сўнгги Мастерс мусобақаси якунига етди. Эркаклар ўртасида ўтказилган мазкур мусобақанинг бош соврини учун италиялик Янник Синнер ҳамда канадалик Феликс Оже-Альяссим баҳс олиб боришди. 2 сет давом этган учрашувда италиялик теннисчи 6:4, 7:6 ҳисобларида ғалаба қозонди.


