Кун дайжести: Аймуратов Гентда чемпион, дзюдочиларимиздан Прагада 4 та медаль, Италия волейболи дунёда тенгсиз
Муса Аймуратов Гентдаги турнир чемпионига айланди
Бельгиянинг Гент шаҳрида қиличбозлик бўйича “Flemish Open” мусобақаси якунланди. Турнирнинг иккинчи кунида эркаклар ўртасида кечган беллашувларда ҳамюртимиз Муса Аймуратов барча рақибларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Саблячимиз мусобақада Испания, Австрия, Украина, Франция, Германия каби жамоаларнинг вакилларини мағлуб этди.
Дзюдочиларимиз Прага турнирида 4 та медалга сазовор бўлишди
Чехиянинг Прага шаҳрида дзюдо бўйича “Prague European Open” турнири якунланди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин ва 3 та бронза медалларини қўлга киритди. Мусобақада Замохшари Бекмуродов (-73 кг) олтин, Шукуржон Аминова (-57 кг), Ирисхон Қурбонбоева (+78 кг) ва Музаффарбек Тўрабоев (+100 кг) бронза медалларига эга чиқишди.
Волейбол бўйича Италия эркаклар терма жамоаси жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди
Филиппинда волейбол бўйича эркаклар ўртасидаги дунё биринчилиги бўлиб ўтди. Унда чемпионлик учун Италия ва Болгария терма жамоалари баҳс олиб боришди. Беллашув 3:1 ҳисобида италиялик волейболчиларнинг ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, бу йил ҳам аёллар, ҳам эркаклар ўртасида кечган жаҳон чемпионатларида апеннинлик волейболчилар бош совринни қўлга киритишди.
Озарбайжонда III МДҲ ўйинларига расман старт берилди
Кеча Ганжа шаҳрида Озарбайжон мезбонлик қилаётган III МДҲ ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Эслатиб ўтамиз, 8 октябрга қадар давом этадиган мусобақада Ўзбекистон делегацияси 23 спорт турида 254 нафар атлет билан иштирок этади.









