Кун дайжести: «Классик» курашчиларимиз жаҳонда учинчи, АҚШ енгил атлетикачилари яна дунёда тенгсиз, Италия жамоаси Билли Жин Кинг ғолиби
Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатида учинчи бўлди
Хорватиянинг Загреб шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Унда юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси очколар бўйича 3-ўринни эгаллади. Эслатиб ўтамиз, ушбу мусобақада Айтжан Халмаханов (-63 кг) 24 йил кутилган олтин медални тақдим этган бўлса, Алишер Ғаниев (-60 кг) кумуш ва Абдулло Алиев (-72 кг) бронза медалини қўлга киритган эди.
Японияда енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди
13-21 сентябрь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида енгил атлетика бўйича дунё биринчилиги бўлиб ўтди. Унда АҚШ терма жамоаси 16 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медали билан қаторасига бешинчи бор умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Италиялик теннисчи қизлар Билли Жин Кинг кубогида ғалаба қозонишди
Теннис бўйича аёллар ўртасида ўтказиладиган Билли Жин Кинг кубогининг бу йилги финал баҳслари якунланди. Италия ва АҚШ терма жамоалари ўртасида кечган қарама-қаршиликда Апеннин ярим ороли вакиллари 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, чемпионликни муносиб ҳимоя қилишди. Бу Италиянинг жорий турнирда умумий ҳисобдаги олтинчи чемпионлиги бўлди.
Конкур бўйича “Uzbekistan global tour” мусобақасининг 5-босқичи якунланди
Пойтахтимизда конкур бўйича “Uzbekistan global tour” мусобақасининг бешинчи босқичи ташкил этилди. Қизиқарли беллашувларда Бекзод Рўзмуҳаммедов (135 см, тўсиқ баландлиги), Ангелина Постухова (125 см), Абдушукур Собиржонов (110 см), Лочин Тоҳиржонов (105 см) катталар тоифасида турли баландликларда биринчи ўринни эгаллашди.



