Кун дайжести: «Насаф» ОЧЛ Элитдаги юришини бошлайди, эшкак эшувчиларимиздан 9 та медаль, теннисчиларимиз Гонконгга мағлуб бўлишди
Енгил атлетикачиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги иштироки бошланди
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Японияда ўтаётган жаҳон чемпионатида иштирокини бошлади. Ҳамюртларимиздан биринчи бўлиб марафончимиз Шоҳруҳ Давлатов стартга чиқди. Юртдошимиз масофани 2:18:22 да 37-бўлиб босиб ўтди. Кун давомида Анвар Анваров узунликка сакраш бўйича саралаш босқичида қатнашади.
«Насаф» Элит Осиё чемпионлар лигасида 1-тур ўйинини ўтказади
Бугун футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси Элит босқичининг янги мавсумига старт берилади. Унда амалдаги Ўзбекистон чемпиони «Насаф» юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Бугун ўтказиладиган биринчи турда қаршиликлар сафарда Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли” клуби билан баҳс олиб боришади.
Эшкак эшувчиларимиз Москвадаги турнирда 9 та медаль жамғаришди
10-14 сентябрь кунлари Россиянинг Москва шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича "AAA Cup 2025" халқаро мусобақаси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 6 та олтин ва 3 та кумуш медалларига сазовор бўлишди.
Теннисчиларимиз “Девис кубоги”да Гонконг билан баҳс олиб боришди
Теннис бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси “Девис кубоги” доирасида II жаҳон гуруҳидаги ўйинини ўтказди. Сафарда Гонконгга қарши кечган баҳсларда ҳамюртларимиз 1:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Энди теннисчиларимиз келгуси беллашувларни 2026 йилнинг февраль ойида ўтказишади.




