28 Январ 2025 1320

Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбарияти олдинда турган спорт тадбирларига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди

Бугун Спорт вазири Адҳам Икрамов ва Отабек Умаров бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти иштирокида яқин давр ичида кутилаётган ўзбек спорти учун муҳим мусобақаларга тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди. Унда Харбин-2025 қишки Осиё ўйинлари ва жорий йил ўтказиладиган бошқа йирик мусобақалар ҳақида сўз борди.

Дастлаб Ўзбекистон делегациясининг Харбин шаҳрида ўтадиган қишки Осиё ўйинларига олиб бораётган ҳозирлик жараёни кўриб чиқилди. Қўмита раиси ўринбосари Ш.Ташматов спортчиларимиз бугунги кунда тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб боришаётгани, улар учун барча шароитлар яратилгани ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, 28 февраль – 2 март кунлари Тошкентда ўтадиган дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири ва жорий йил кутиб турган бошқа комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича ҳам тўхталиб ўтилди. Учрашувда 2025 йилги спорт тадбирлари Ўзбекистон делегациясининг Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги бўйича камчилик ва муаммоларини кўриб олишда муҳим экани таъкидланди.

Text to speech