26 Декабр 2024 1098

Лос-Анжелес-2028: Бадминтон оммавийлигини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Ўзбекистон делегацияси ёзги Олимпия ўйинларида бадминтон спорт турида ҳали иштирок этмаган. Хўш, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларида узоқ кутилган дебютга гувоҳ бўламизми? Спорт вазирлиги ва МОҚ мутасаддилари мамлакат бадминтон федерацияси билан ушбу масала юзасидан йиғилиш ўтказишди.

Федерация вакиллари спортчиларимизнинг илк бор Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишлари учун умид борлиги, бунинг учун зарур жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтишди. Аввало, федерация моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, спортчилар мунтазам равишда халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ва мусобақаларда иштирок этишлари,терма жамоага хорижлик мутахассисларни жалб қилиш бу борадаги энг асосий жиҳатлар сифатида санаб ўтилди.

Бадминтон Тошкент шаҳри, Бухоро ва Андижон вилоятларида нисбатан яхши ривожланган. Расмийлар суҳбат давомида Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ушбу спорт оммавийлигини ошириш, иқтидорли ёшларни саралаш, мураббийлар малакасини кучайтириш борасида керакли тавсияларни беришди. Шунингдек, асосий терма жамоа вакилларини бадминтон кучли ривожланган жануби-шарқий Осиё мамлакатларига ўқув-машғулот йиғинларини юбориш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида федерация фаолиятини янада жадаллаштириш, ҳудудларда бадминтон оммавийлигини ошириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech