24 Декабр 2024 1282

Ўзбекистон ўқ отиш федерациясига янги раҳбар сайланди

Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Федерацияга янги раҳбар сайланиб, янги Олимпия цикли учун режалар кўриб чиқилган мазкур тадбирда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Отабек Умаров бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги ва мамлакат ўқ отиш федерацияси мутасаддилари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 381-сон Қарорининг моҳияти инобатга олинган ҳолда федерация фаолиятини янада кучайтириш талаб этилар эди. Шундан келиб чиққан ҳолда конференция иштирокчилари Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси раислигига Мудофаа вазири, генерал-майор Халмухамедов Шухрат Ғайратджанович номзодини илгари суришди. Номзод делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ва Ш.Халмухамедов мамлакат ўқ отиш федерацияси раиси лавозимига сайланди.

Шухрат Ғайратджанович билдирилган ишончни оқлашга, мамлакатимизда ушбу спорт оммавийлигини янада ошириш ва олий спортда мерганларимиз улкан ютуқларга эришиши учун бор куч-ғайратини сафарбар қилишини билдирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон ўқ отиш федерациясининг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаси кўриб чиқилди. Унда спортчиларимизни литсензион мусобақаларга тайёрлаш, терма жамоа моддий техник-базасини янада яхшилаш борасида тавсиялар илгари сурилиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Text to speech