21 Декабр 2024 902

Ишчи гуруҳ Навоий вилоятининг спорт инфратузилмаси ва соҳанинг ривожланиш ҳолати билан танишди

Спорт вазирлиги ва МОҚ раҳбариятидан иборат ишчи гуруҳ бугун Навоий вилоятида ҳам бўлди. Мутасаддилар вилоятнинг спорт йўналишидаги асосий таълим муассасаси бўлган Навоий Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига ташриф буюришди. Сафар давомида вилоят ҳокими Нормат Турсунов мутасаддиларга ҳамроҳлик қилди.

Ўрганиш давомида марказнинг фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишилди. Камондан отиш, енгил атлетика ва сузиш билан шуғулланаётган спортчилар билан мулоқот орқали уларга яратилган шароитлар янада чуқур ўрганилди. Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, спорт бошқамаси ҳамда федерацияларнинг ҳудудий бўлимларидаги мутахассислар билан олдинда турган режалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш давомида янги Олимпия циклида Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларининг саралаш мусобақаларига тайёргарлик кўрадиган навоийлик спортчилар таркибини шакллантириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Қолаверса, олис ҳудудлардаги спорт мактабларининг моддий-техник базасини янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилди. Қайд этиш жоиз, ушбу вилоят спортчилари Республика биринчиликларида оғир атлетика, сузиш ва бир қатор яккакураш турларида совриндорлар қаторидан жой олиб келишмоқда. Суҳбатда бошқа спорт турларида ҳам натижаларга эришиш, бунинг учун мураббийлар салоҳиятини ошириш борасида кўрсатмалар берилди.

Кун давомида Қизилтепа ва Кармана туманларидаги спорт мактабларида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Якунда вилоятнинг ҳудудий жиҳатдан катталигини инобатга олган ҳолда чекка туманлардан Навоий шаҳрига келиб шуғулланадиган ёшлар учун қўшимча қулайликлар яратиш борасида таклифлар ўрганилди.

Text to speech