14 Декабр 2024 1112

Лос-Анжелес-2028: Ўзбекистон баскетбол федерациясининг тайёргарлик режалари ўрганилди

Спорт федерация ва ассоциацияларнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги билан танишиш ишлари давом этади. Отабек Умаров бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти бугун дастлаб Ўзбекистон баскетбол федерациясининг янги Олимпия цикли учун тақдимоти билан танишди.

Тошкент давлат транспорт университетида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Транспорт вазири, мамлакат баскетбол федерацияси раиси Илҳом Маҳкамов ҳам қатнашди. Қайд этиш жоиз, Олимпия ўйинлари дастурига ушбу спорт турининг классик ва 3х3 йўналишлари киритилган.

Суҳбат давомида ҳар икки йўналишдаги терма жамоаларимизнинг имкониятлари ва таркибдаги спортчилар ҳақида сўз борди. Федерация мутасаддилари 3х3 жамоаларимиз бугунги кунда қитъа миқёсида рақобатбардош эканини инобатга олган ҳолда мазкур дастурдаги имкониятларни яхшироқ баҳолашди. Шу боис ушбу жамоага жалб этилган беларуслик мураббий Андрей Навойчик билан ҳам суҳбатлашилди.

Мутасаддилар учрашувда хорижлик мураббийга терма жамоа учун барча шароитлар яратиб берилиши, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилишини маълум қилишди. Якунда федерация вакиллари билан ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича таклифлари ўрганилди.

Text to speech