13 Декабр 2024 1266

Ўрганиш ишларида Қорақалпоғистон Республикаси навбатдаги манзил бўлди

Спорт соҳаси расмийларининг ўрганиш ишлари мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида давом этмоқда. Бугун мутасаддилар Қорақалпоғистон Республикасидаги спорт таълим муассасаларини кўздан кечирдилар. Сафар давомида расмийларга Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Адилбек Алланазаров ҳамроҳлик қилди.

Дастлабки манзил қорақалпоқ ва ўзбек спортига кўплаб иқтидорли ёшларни етиштириб берган Нукус Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази бўлди. Иш муассаса фаолияти ва унинг моддий-техник базасини ўрганиш билан бошланди. Шундан сўнг у ерда таълим олаётган ёш ўқувчилар билан учрашиб, дарс жараёнлари, уларнинг режалари борасида суҳбатлашилди.

Қайд этиш жоиз, қорақалпоқ замини дзюдо, спорт курашлари, қиличбозлик, оғир атлетика каби йўналишларда асосий терма жамоага кучли атлетларни етиштириб берган. Шу боис, мазкур спорт турларига ихтисослашган Хўжайли туман спорт мактаби, Нукус олий спорт ҳамда яккакураш турларига ихтисослашган спорт мактаблари ҳам кўздан кечирилди.

Ўрганиш ишлари якунида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев, Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва соҳа мутасаддилари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ҳудудий федерацияларнинг иш фаолиятини кучайтириш, жамоавий спорт турларига ҳам эътибор қаратиш, янги Олимпия циклида терма жамоа таркибига номзод спортчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби мавзуларда маслаҳат берилди ва бу борада маҳаллий мутахассисларнинг таклиф ва тавсиялари тингланди.

Text to speech