Сурхондарё вилоятининг спорт инфратузилмаси ўрганилмоқда
Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров бошчилигидаги мутасаддилар бугун Сурхондарё вилоятидаги спорт инфратузилмасини ўрганишди. Расмийларни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов кутиб олди. Мутасаддилар дастлаб Термиз шаҳридаги Спортнинг яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлишди.
Айни кунларда Термиз спорт курашлари бўйича U15 ёш тоифасидаги мамлакат биринчилиги баҳсларига мезбонлик қилмоқда. Мутасаддилар мусобақа жараёнини кузатиб, терма жамоа мураббийлар штаби билан иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни кузатиш борасида тавсиялар бериб ўтди.
Ташриф давомида вилоят Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази, Термиз шаҳар спорт мактаби, сув спорти турларига ихтисослашган спорт мактаби ҳам кўздан кечирилди. МОҚ раҳбарияти ўқувчи ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг мақсадлари ва машғулотлар жадвали билан танишди. Шунингдек, ҳар бир спорт объектининг моддий техник базаси ва уларнинг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ҳам ўрганилди.
Расмийлар мутахассислар билан суҳбатда вилоятнинг яккакураш спорт турларидаги муваффақиятларини алоҳида эътироф этиб, эндиликда жамоавий ва бошқа йўналишларда ҳам натижалар кўрсатиш муҳимлигини таъкидлашди.
Ўрганиш ишлари якунида спорт федерацияларининг вилоятлардаги бўлимлари билан Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича фикр алмашилди.













